Assalomu alaykum, Mehmon!
Bosh sahifaga
Kirish

Янгиер шаҳар ҳокими ваъдасидан қайтдими: тадбиркорлар нимадан норози?

Шу йилнинг 10 январь куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар деҳқон бозори реконструкция қилиниши муносабати билан вужудга келган муаммолар ҳақида видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда дўконлари бузилган маҳаллий тадбиркорлар товон пулини олиш борасида муаммоларга дуч келаётгани, айрим тадбиркорлар эса, товон пулидан воз кечган ҳолда, Янгиер шаҳар деҳқон бозорининг қурилишида ўз ҳисобларидан иштирок этиш таклифини илгари сурган эди. 

Бизга маълум қилишларича, мақола эълон қилинганидан сўнг, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори Янгиер шаҳрига бориб, ҳоким ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказган. Икки томонлама келишувга асосан маҳаллий тадбиркорлар МЧЖ ташкил этиб, низом жамғармасини шакллантирадиган бўлишган. Шундан кейин бозорнинг ярмини қуриш бўйича лойиҳа уларга тақдим этилиши, тадбиркорлар қурилиш меъёрларига мувофиқ равишда бозорнинг ўз чекларига тушган қисмини барпо қилишлари лозим эди. 

“Сайтингизда ушбу бозор билан боғлиқ хабар чиққанидан сўнг, Янгиерга вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори келиб, йиғилиш ўтказишди. Шаҳар ҳокими билан келишувга эришилди. Биз товон пули олмаслик бўйича тилхат ёзиб, 13 тадбиркор бирлашиб, МЧЖ ташкил қилдик. Унинг балансига 20та дўконни киритдик. 5 млрд сўмлик низом жамғармаси ташкил этдик. Келишувга ишониб 100 тонна цемент, арматура ҳам харид қилиб қўйдик.

Барча ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг, шаҳар ҳокимиятидаги мутасаддилар ҳоким қарорига илова қилинадиган ҳужжатга имзо чекишди. Биргина шаҳар ҳокимининг имзоси қолган, бироқ у пайсалга солмоқда. Даставвал, розилик билдириб турган Элёр Хўжаев, эндиликда, бозордаги бошқа дўкон эгалари ҳам товон пули олмасликлари учун тилхат ёзиб беришлари кераклигини талаб қилмоқда”, - дейди тадбиркорлардан бири Абдурашид ака. 

Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокурори ҳамда савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, солиқ бошқармаси тадбиркорларнинг таклифини қўллаб-қувватламоқда. Янгиер шаҳар ҳокимлигидаги айрим мутахассислар ҳам тадбиркорлар ажойиб фикрни илгари сургани, қолаверса товон пулидан воз кечганлари ҳам шаҳар бюджетига анчагина ёрдам эканини таъкидлашди. 

Қайд этиш ўринли, бозорни қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сонли қарори билан бош пудратчи “NBU–Бунёдкор” МЧЖга топширилган

Бироқ унинг 9-бандида “Қуйидагилар: республиканинг қишлоқ жойларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қурилишига — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг маблағлари, шаҳарларда эса — тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари 2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин”, - дея таъкидланади. Айни қарорга тақдим этилган 1-илованинг Янгиер шаҳрига доир қисмида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг маблағлари, тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига қурилиши белгилаб қўйилган.

Аммо негадир, президент қарорида бош пудратчи сифатида “NBU–Бунёдкор” МЧЖ белгилаб қўйилган бўлса-да, Янгиер шаҳри “Деҳқон бозори”даги қурилиш ва реконструкция ишларини субпудратчи “Улуғбек Янгиер Қурилиш” МЧЖ олиб бормоқда. Аммо биз неча марта бозорга борган бўлсак, қурилиш ишларининг авжида эканига кўзимиз тушмади. Хусусан, биринчи мақола чиққан 10 январдан иккинчи сафаримизгача 2 ой 15 кун ўтганига қарамай, бозорнинг қурилиш бўлаётган ҳудудида жиддий ўзгаришларни сезмадик.

Шаҳарнинг биз суҳбатлашган фуқаролари, қурилиш ишлари бир бошланиб, бир тўхтаб қолишини айтишди. Савол туғилади: шундай вазиятда, қурилиш ишларини жадал олиб боришга шай турган тадбиркорлар гуруҳига бозорнинг бир қисмини қуриш ишларини келишилганидек топшириш мақсадга мувофиқ эмасми? Бундан аввало халқ, давлат, маҳаллий ҳокимият, тадбиркорларнинг ўзлари ҳам зарар эмас, фақат фойда кўрган бўлар эди, наздимизда. Бундан ташқари, янги бозор ҳам тезроқ фойдаланишга топшириларди. 

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар ҳокими билан учрашдик. Биринчи маротаба қисқагина оғзаки суҳбатлашган бўлсак, иккинчи гал учрашув салом-аликдан иборат бўлди, холос. Тўғри бунда, на ҳоким, на биз айбдор. Иккала ҳолатда ҳам ўзимизга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли интервью олишнинг имкони бўлмади. 

Шу муносабат билан, KUN.UZ сайти Янгиер шаҳар ҳокимлигидан юқоридаги ҳолат бўйича, шунингдек шаҳар ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасидаги дастлабки келишув амалга ошишига нима тўсқинлик қилаётгани, шаҳар ҳокими Элёр Хўжаев қарорга имзо қўймаётганининг сабаби нимадан иборат эканига доир батафсил изоҳ кутиб қолади.  
 

Bosh sahifaga
0 / 41

Rol.uz Universal Portal

Statok.net UzMasterS.Ru